ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ ТЎСИҚСИЗ ТУРИЗМ ОРҚАЛИ ТУРИЗМ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ БЎЙИЧА ҚУЛАЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Photo

Республикада туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва тўсиқсиз туризм йўналишида давлат томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларга қўшимча рағбатлантиришлар яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 январдаги ПҚ-20-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

[ОКОЗ:

1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.13.00 Давлат субсидиялари ва грантлари;

2.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.03.00.00 Туризм. Экскурсиялар. Меҳмонхона хўжалиги / 14.03.01.00 Туризм;

3.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.03.00.00 Туризм. Экскурсиялар. Меҳмонхона хўжалиги / 14.03.05.00 Меҳмонхона хўжалиги]

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Меҳмонхона хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига инфратузилмани ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом (кейинги ўринларда — Вақтинчалик низом) иловага мувофиқ тасдиқлансин:

меҳмонхона хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг субсидия олиш учун мурожаат қилиш тартиби;

мурожаатларни кўриб чиқиш ва субсидия ажратиш тартиби;

субсидия ажратишни рад этиш асослари.

2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — Туризм қўмитаси) 2027 йил 1 январга қадар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқарога Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 500 минг сўмдан ошмаган қисмини;

эшитиш қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдогидлар тайёрлаш курслари харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.

3. Туризм қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой муддатда:

ушбу қарор билан тасдиқланган Вақтинчалик низомга мувофиқ давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали жорий этилишини таъминласин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш имкониятини яратсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Туризм қўмитаси томонидан давлат хизматларини кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов ҳамда адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 12 август,

498-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 августдаги 498-сон қарорига

ИЛОВА

Меҳмонхона хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига инфратузилмани ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Вақтинчалик низом меҳмонхона хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига (кейинги ўринларда — тадбиркорлик субъектлари) меҳмонхона хоналарини ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш бўйича харажатларнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг (кейинги ўринларда — Туризм қўмитаси) бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қоплаб беришнинг вақтинчалик тартибини белгилайди ҳамда бу Низом 2027 йил 1 январга қадар амал қилади.

[ОКОЗ:

1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.06.00.00 Давлат хизмати (шунингдек, 05.10.05.00га қаранг);

2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.13.00 Давлат субсидиялари ва грантлари;

3.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.01.00 Умумий масалалар]

2. Тадбиркорлик субъектларига субсидия Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Туризм қўмитаси томонидан ажратилади.

Субсидия тадбиркорлик субъектлари меҳмонхоналарни ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштиргандан бошлаб, меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли чорак якунига кўра меҳмонхоналарни ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш мақсадида хоналарни зарур қурилмалар билан жиҳозлаш харажатлари ўрнининг бир қисмини қоплаш учун Жамғармага ўтказилган туристик (меҳмонхона) йиғимлар суммаси ҳисобидан қоплаб берилади.

[ОКОЗ:

1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.10.00.00 Ногиронлар ва фуқароларнинг бошқа тоифаларининг ижтимоий ҳимояси;

2.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.03.00.00 Туризм. Экскурсиялар. Меҳмонхона хўжалиги / 14.03.05.00 Меҳмонхона хўжалиги]

3. Субсидия олиш учун мурожаат қилган тадбиркорлик субъектлари (кейинги ўринларда — мурожаат этувчи) томонидан меҳмонхонанинг камида учта хонаси ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозланган, шунингдек, эшитиш ва кўриш учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилган бўлиши шарт.

4. Субсидия олиш учун мурожаат қилган тадбиркорлик субъектлари тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) ва тугатиш жараёнида бўлмаслиги лозим.

5. Тадбиркорлик субъектларига субсидия ушбу Вақтинчалик низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ажратилади.

2-боб. Тадбиркорлик субъектларининг субсидия олиш учун мурожаат қилиш тартиби

[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.06.00.00 Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари / 01.06.07.00 Фуқароларнинг суд, бошқа давлат органлари ва ўзга ташкилотларга мурожаат қилиши;

2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.06.00.00 Давлат хизмати (шунингдек, 05.10.05.00га қаранг)]

6. Тадбиркорлик субъектлари субсидия ажратилиши учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали ушбу Вақтинчалик низомга 2-иловага мувофиқ шаклда субсидия олиш тўғрисида ариза (кейинги ўринларда — ариза) билан мурожаат қилади.

7. Аризага мурожаат этувчи тўғрисида маълумотлар киритилгандан сўнг мурожаат этувчи уни идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (электрон рақамли имзо, дактилоскопия, ягона идентификация тизимидаги логин ва пароль, мобил-ID ва бошқалар) тасдиқлайди.

Тадбиркорлик субъектлари аризани ЯИДХП орқали тўлдирганда, электрон рақамли имзо талаб этилмайди.

8. Мурожаат этувчи Давлат хизматлари марказига келиб субсидия олиш учун мурожаат қилганда, унинг аризаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, мурожаат этувчи тасдиқлагандан сўнг Туризм қўмитасига электрон шаклда юборилади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, ариза автоматик тарзда тегишлилиги бўйича Туризм қўмитасига юборилади.

[ОКОЗ:

1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.09.00.00 Солиқ қонунчилиги / 07.09.03.00 Солиқлар ва йиғимлар]

9. Давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

3-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва субсидия ажратиш тартиби

[ОКОЗ:

1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.07.00.00 Маъмурий-ҳуқуқий тартиблар (режимлар) / 02.07.08.00 Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.13.00 Давлат субсидиялари ва грантлари;

3.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.03.00.00 Туризм. Экскурсиялар. Меҳмонхона хўжалиги / 14.03.01.00 Туризм]

10. Туризм қўмитаси ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида тадбиркорлик субъекти меҳмонхона хоналари Вақтинчалик низомда белгиланган талабларга мос эканлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқади.

Туризм қўмитаси мурожаат этувчи юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг номи, жойлашган жойи (почта манзили), рўйхатдан ўтиш рақами, санаси, гувоҳнома берган орган номи, СТИР ва тижорат банкидаги ҳисобварағи реквизитлари, меҳмонхонага ёки меҳмонхона ишончли бошқарувга берилган ҳолларда — ишончли бошқарувчига тақдим этилган меҳмонхонанинг юлдуз тоифаси кўрсатилган (мавжуд бўлса) мувофиқлик сертификати нусхаси ҳамда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирмани масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан, «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали онлайн текшириб олади.

11. Туризм қўмитаси аризани ўрганиб чиқиб, беш иш кунида субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор нусхасини ушбу муддат ичида Давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон шаклда мурожаат қилинганда) орқали мурожаат этувчига юборади.

[ОКОЗ:

1.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.03.00.00 Туризм. Экскурсиялар. Меҳмонхона хўжалиги / 14.03.05.00 Меҳмонхона хўжалиги]

12. Тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхонанинг камида учта хонаси ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачасидан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозланганда, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилганда, ушбу тадбиркорлик субъектларига ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:

юлдуз тоифасини олган меҳмонхоналарга — 2 миллион сўм;

юлдуз тоифасини олмаган меҳмонхоналарга — 1 миллион сўм.

13. Мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тўғрисидаги қарорда субсидия миқдори, меҳмонхона номи, юлдуз тоифаси (мавжуд бўлса) ва ногиронлиги бўлган шахслар учун жиҳозланган хоналар сони, меҳмонхона жойлашган жой (почта манзили) ва унинг кадастр рақами, субсидия олаётган тадбиркор — юридик шахс номи ва СТИР рақами ҳамда тижорат банкидаги ҳисобварағи реквизитлари кўрсатилади.

14. Субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида Туризм қўмитаси тадбиркорлик субъектларининг хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидаги ҳисобварақларига маблағларни ўтказиб беради.

15. Субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор мурожаат этувчига ушбу қарор қабул қилинган куннинг ўзида Давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон шаклда мурожаат қилинганда) орқали юборилади.

Мурожаат этувчи қарорни олган кундан бошлаб қарорда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиб, Туризм қўмитасига такроран ариза билан мурожаат этиши мумкин.

Такроран юборилган ариза янги топширилган ҳисобланади ва Туризм қўмитаси томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

4-боб. Субсидия ажратишни рад этиш асослари

[ОКОЗ:

1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.13.00 Давлат субсидиялари ва грантлари]

16. Субсидия ажратиш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

субсидия олиш тўғрисидаги аризада кўрсатиб ўтилган маълумотлар тўлиқ акс эттирилмаганда;

мурожаат этувчи мазкур Вақтинчалик низомнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаганда.

Субсидия ажратишни ушбу бандда кўрсатиб ўтилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

5-боб. Якунловчи қоидалар

[ОКОЗ:

1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.03.00 Қўмиталар;

2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.05.00.00 Республика бюджети / 07.05.13.00 Давлат субсидиялари ва грантлари;

3.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.01.00.00 Тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик / 09.01.01.00 Умумий масалалар;

4.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.03.00.00 Туризм. Экскурсиялар. Меҳмонхона хўжалиги / 14.03.01.00 Туризм]

17. Жамғарма ҳисобидан субсидия ажратилган тадбиркорлик субъектлари рўйхати (реестри) Туризм қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

18. Субсидия олиш мақсадида тақдим этилган маълумотлар, ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ҳақиқийлигига тадбиркорлик субъектлари масъул ҳисобланади.

19. Туризм қўмитаси субсидия ажратиш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағларнинг тадбиркорлик субъектларига етказилиши юзасидан масъул ҳисобланади.

20. Тадбиркорлик субъектлари Туризм қўмитасининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

21. Субсидия олган тадбиркорлик субъектлари субсидия ажратилган даврдан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида меҳмонхона хизматини кўрсатиши лозим.

Тадбиркорлик субъектлари беш йил мобайнида меҳмонхона хизматини ташкил қила олмаган ёки меҳмонхонанинг тоифаси пасайган тақдирда, ажратилган субсидияни фаолият юритган даврига мутаносиб равишда чегирган ҳолда, қолган қисмини Жамғармага қайтаради.

Жамғармага қайтариладиган маблағлар Туризм қўмитасининг қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан Жамғарманинг махсус ҳисобварақларига ўтказилади.

Туризм қўмитаси Жамғарманинг махсус ҳисобварағига қайтариладиган маблағлар тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган муддатда тўлиқ ўтказилмаган тақдирда, уларни ундириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чораларни кўради.

22. Субсидия ажратилган даврдан бошлаб меҳмонхонанинг беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида фаолият юритиши тадбиркорлик субъектлари томонидан таъминланишини Туризм қўмитаси мониторинг қилиб боради.

23. Ушбу Вақтинчалик низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Меҳмонхона хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига инфратузилмани ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тўғрисидаги вақтинчалик низомга
1-ИЛОВА

Меҳмонхона хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига инфратузилмани ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун субсидия ажратиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

             

1-босқич

 

Ариза берувчи

 

Ушбу Вақтинчалик низомда назарда тутилган ҳужжатларни тайёрлайди ва Туризм қўмитасига Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали субсидия олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

 

Ўз хоҳишига кўра

             

2-босқич

 

Туризм қўмитаси

 

Аризадаги маълумотлар нотўғри киритилган ёки тўлиқ киритилмаган тақдирда, мурожаат этувчига аризадаги хатоликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборади

 

1 иш кунида

             

3-босқич

 

Ариза берувчи

 

Аризадаги хатоликларни бартараф этиб, Туризм қўмитасига Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали субсидия олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

 

2 иш кунида

             

4-босқич

 

Туризм қўмитаси

 

Аризанинг Вақтинчалик низомда белгиланган талабларга мос эканлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқади.

 

10 иш кунида

             

5-босқич

 

Туризм қўмитаси

 

Субсидия ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор нусхасини Давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон шаклда мурожаат қилинганда) орқали ариза берувчига юборади.

 

5 иш кунида

             

6-босқич

 

Туризм қўмитаси

 

Субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг маблағларни ўтказиб беради.

 

10 иш кунида

Меҳмонхона хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига инфратузилмани ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга
2-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги

Туризм қўмитасига

   

Субсидия олиш тўғрисида

АРИЗА

   

_________________________________________________________________________________________

(юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномага биноан мурожаат этувчининг тўлиқ номи)

_________________________________________________________________________________________

 

ишончли бошқарувчи _________________________________________________________ шахс номидан

(мурожаат этувчи раҳбарининг лавозими, Ф.И.О.)

 

_____________________________________________________________________ манзилида жойлашган

(вилоят, туман, шаҳар, кўча, бино рақами)

инфратузилмани (меҳмонхонани) ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш мақсадида хоналарни зарур қурилмалар билан жиҳозлаш бўйича Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан субсидия ажратишингизни сўрайман.

 

Ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган

меҳмонхона хоналари сони: ______________________________________

Мувофиқлик сертификати олинган сана ва рақами: _________________________

Юридик шахс жойлашган жойи (почта манзили): __________________________

Банк ҳисобварағи: ________________________

________________________

________________________

________________________

 

Электрон почта манзили: ____________________________________________________

Телефон: ________________________

СТИР: ________________________

 

___________________________________________

(мурожаат этувчининг лавозими, Ф.И.О)

 

20___ йил _______________

 

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2024 й., 09/24/498